Шрифт ўлчами: A A A
Сайт ранги: A A A A

ПҚ-2293-сон

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ ВА КОММУНИКАЦИЯЛАРИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВАЗИРЛИГИНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2015 й., 6-сон, 63-модда)

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида» 2015 йил 4 февралдаги ПФ-4702-сонли Фармонини бажариш юзасидан ҳамда унинг самарали фаолиятини ташкил қилиш мақсадида:

1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг бошқарув ходимлари чекланган сони 89 кишидан иборат бўлган марказий аппарати тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

* 12, 3-иловалар рус тилидаги матнда берилган.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин:

жорий таъминот қисмида — Республика бюджети маблағлари;

давлат буюртмаси доирасида бажариладиган ахборотлаштириш дастурларини амалга ошириш, шунингдек ходимларни қўшимча равишда моддий рағбатлантириш қисмида — Республика ва маҳаллий бюджетларнинг, шунингдек Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасининг ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбаларнинг маблағлари.

3. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда Давлат хизматлари, шакллари ва бланклари ягона реестри тўғрисидаги низомни ўрнатилган тартибда ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

Белгилансинки, 2015 йилнинг 1 октябридан бошлаб аҳолига ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган барча давлат хизматлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан шакллантириладиган Давлат хизматлари, шакллари ва бланклари ягона реестрида мажбурий тартибда ҳужжатлаштирилиши ва қайд этилиши лозим.

4. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва ривожлантириш учун масъул бўлган вазирликлар, идоралар, компаниялар ва уюшмалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ихтисослаштирилган таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланадилар.

5. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, Марказ-14 мавзеси, 33-уйда жойлаштирилсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тўғрисидаги низомни тасдиқласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Адлия вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Тошкент ш.,

2015 йил 4 февраль,                                                 Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ

ПҚ-2293-сон

http://lex.uz/pages/getpage.aspx?lact_id=2564644